Ёқутистонда маҳаллий аёл зўрланиши ортидан мигрантларга босим кучайди
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ёқутистонда бир гуруҳ қирғизистонлик меҳнат муҳожири маҳаллий аёлни ўғирлаш ва зўрлашда айбланиши ортидан мигрантларга қарши оммавий стихияли митинглар кўтарилди. Миллий низо авж олган Ёқутистонда ишлаётган ўзбек муҳожирлари ўз дўконларини ёпишга мажбур бўлгани ва ўлкада полиция кучайтирилган назорат режимига ўтганини хабар қилмоқда.
Кузатувчилар оммавий норозиликларга минтақада йиғилиб қолган миллий муаммолар сабаб бўлганини гапирмоқда.
17 март куни Ёқутистон пойтахти Якутскда мигрантларга қарши 200-300 кишилик стихияли митинг бўлиб ўтди. Йиғилганлар миграция қонунчилигини кучайтириш ва жиноятчиларни қаттиқ жазолашни талаб қилди.
Бу норозилик акцияси маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда марказий осиёлик бир гуруҳ шахснинг ёқутистонлик 36 яшар Оксана В.ни ўғирлаб кетиб, зўрлагани тўғрисидаги хабарлар ортидан юзага келди.