У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Киевдаги Олександр Богомолец номли Миллий Медицина Университетида таълим олаётган ўзбекистонлик бир неча талаба ва уларнинг ота-оналарига кўра, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўқишни Ўзбекистонда давом эттириш ҳақидаги талабалар аризаларига рад жавобини берган. 2016-2017 ўқув йили учун Украинадаги талабалар ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ҳақидаги аризалар вазирлик эмас, махсус Давлат комиссияси томонидан ёз мавсумида кўриб чиқилганини айтди. Вазирлик мулозими Давлат комиссияси қарорини Украинага бориб таълим олаётган Ўзбекистонлик талабалар сонининг охирги икки йил ичида “уч бараваргача” ортгани билан изоҳлади. "10 минг доллар бўлмаса, орқага йўл йўқ" Украинадаги Богомолец номли Миллий Медицина Университетида таълим олаётган бир неча талаба ва ота-оналарнинг Озодликка шикоят қилишларича, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу ўқув йилида талабаларга ўқишни Ўзбекистонда давом эттиришга изн бермаган. “Охирги йилларда Украинада иқтисодий шароитлар оғирлашди. Ҳам ўқиш, ҳам таълим олишга қийналган ўнлаб талабалар Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлиб, перевод учун ариза топширирдик. Лекин Ўзбекистон (Олий ва ўрта махсус) таълим вазирлиги почти ҳаммага рад жавобини берди. Тузук-қуруқ тушунтириш берганлари ҳам йўқ,” дейди ўзбекистонлик талабалардан бири.