Шавкат Мирзиёевнинг Америкага сафари тафсилотлари
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 18 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига келди. Мирзиёевни Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Америка–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олди.
19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида ўз ишини бошлаган Бош Ассамблея 72-сессиясида Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида илк бор чиқиш қилди. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бола меҳнатидан ойдаланмаслик, шунингдек, давлат органларининг халққа хизмат қилиши ҳақида гапирди. Мирзиёев Ўзбекистонда олиб борилаётган айрим ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтди. "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади. Сентябрь ойида барча тижорат банкларда миллий валютанинг эркин конвертация амалиётига ўтиши таъминланди, мамлакатда илк бор бизнес-омбудсман лавозими жорий этилди”, деди Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев қўшни Афғонистон муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. Унда минтақа муаммоси афғон ҳукумати ва вакилларисиз ҳал бўлмаслигига урғу қилиб, низолар тинч йўл билан ҳал бўлишини айтиб ўтди. Шунингдек, Мирзиёев Афғонистон муаммосини ижобий ҳал этиш мақсадида АҚШ президенти Дональд Трампни яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.
Мирзиёев сессия доирасида турли давлатлар, ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Мирзиёев Стратегия доирасида давом эттирилаётган кенг миқёсли янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди. Жумладан, бош мақсади "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак", деган ғояни ҳаётга татбиқ этишдан иборат Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланди.
Шундан сўнг Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди.
20 сентябрь куни Нью Йоркда Мирзиёевнинг АҚШга сафари доирасида ташкил этилган Ўзбек-Америка бизнес форуми бўлиб ўтди. Анжуманда АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди. Форум якунида умумий қиймати 2,6 млрд долларлик ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади. Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни кечқурун Тошкентга қайтиб келди.
--------------------------------------------
http://www.najot.info/
https://www.facebook.com/najot.info/
https://vk.com/id346445835
http://ok.ru/profile/569184336458
---------------------------------------------