Қарши шаҳрида ўтган ой икки ёшли қизчанинг бедарак йўқолиб қолиши ҳақидаги хабарлар аҳоли орасида ваҳима уйғотди, шаҳарда бола ўғрилари пайдо бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар урчишига сабаб бўлди.
Қарши шаҳри кўчаларида 25 июл куни йўқолиб қолган икки ёшли Сўғдиёна Салимова исмли қизча қидирилаётгани ҳақидаги эълонлар пайдо бўлди.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси йўқолган қизни кўрган-билганлардан маълумот беришни сўрамоқда, йирик миқдорда суюнчи пули ҳам ваъда қилмоқда.
Қизчанинг йўқолиб қолганига бир ойдан ошди, ҳамон дараги чиққани йўқ.
Қизчанинг онаси Саида Зуннунова қизини бола ўғрилари олиб кетган, деган гумонда.
- Эшикнинг тагидан йўқолиб қолганига бир ойдан ошди. Бола эшикдан ташқарига чиққанича, олиб кетиб қолишган. Эшикнинг ёнида доим ўйнаб юрар эди, узоққа кетмас эди. Биз уйда эдик. Ўша куни соат кундузги бир яримларда бола ташқарига чиқиб кетганми, ўшандан бери йўқ-да. Қидиряпмиз, милиция ҳам қидиряпти. Йўқ, ҳеч қаерда йўқ,- деб куйиниб гапиради йўқолган қизнинг онаси Озодлик мухбирига.