Фарғона вилоятида собиқ милиция ходими Ҳакимжон Соҳибов 29 июль куни хотини, қайнона-қайнотасини пичоқлагани Озодликка бугун маълум бўлди.
Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, фожиа оқибатида Соҳибовнинг хотини ўлган, қайнона ва қайнотаси касалхонага ётқизилган.
Яқинларига пичоқ урган собиқ милиционер ўзини ҳам пичоқлаган ва оқибатда у ҳам касалхонага ётқизилган.
Воқеа 29 июль куни Фарғона вилоят, Данғара туман, Уч уйли қишлоғи, Олтиқўш МФЙ ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда воқеа тафсилотларидан яхши хабардор данғаралик Озодликка хабар қилди.
“29 июль куни тунги соат 24ларда шу воқеа бўлган. Қўшним Эргашевларнинг куёви пичоқ билан уларникига бостириб келган. Аввал ухлаб ётган хотинини қўлидаги пичоқ билан 7-8 марта пичоқлаган. Кейин бақир-чақирни эшитиб, хонага кирган қайнонасига бир неча марта пичоқ тиққан, сўнг қайнотасини ҳам пичоқлаган. Охирида пичоқни ўзига урган. Хотини ўлган, ўзи ва қайнона-қайнотаси шифохонага ётқизилган”, деди данғаралик йигит.