У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистон МТРК раҳбарияти телерадиокомпания ходимлари фаолияти устидан назоратни кучайтиришга тушди. МТРКнинг бу ҳақда хабар қилган бир-биридан мустақил бир неча ходимига кўра, раҳбариятнинг бундай чораларга қўл уришига марҳум Ислом Каримовнинг исми эфирда айтилмаслиги лозимлиги тўғрисидаги огоҳлантиришнинг кенг жамоатчиликка ошкор бўлгани сабаб бўлган. МТРК ходимларидан олинган бу маълумотлар юзасидан Телерадиокомпания раҳбариятидан ҳеч бир шаклда изоҳ олишнинг, ҳозирча, имкони бўлмади. 22 июнда Озодлик Ўзбекистон телеканалларида Ислом Каримов исмини айтмаслик талаб қилингани ҳақида хабар берганди. МТРК телекўрсатувлари режиссёрларидан бирининг 24 август куни Озодликка айтишича, МТРК раҳбарияти "ҳамма информациялар ташқарига чиқиб кетаётгани"дан ташвишга тушган: "Икки кундан буён Ислом Каримов ҳақидаги хабарлар қаердан чиқяпти деган суриштирувлар бўляпти. Бугунги мажлисда ҳам шу масала кўтарилди. Яна гўё ҳамма информациялар ташқарига чиқиб кетаётгётгани ҳам жиддий масалага айланган". МТРКдаги исми сир қолишни сўраган бошқа бир ижодий ходимнинг маълум қилишича, телеканаллар директорлари билан суҳбатлар ўтказилган: "Директорлар ва муҳаррирлар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлар ўтказилаяпти. Ишдан бўшатилган одамларнинг рўйхатлари олинаётган экан. Чунки, раҳбариятнинг тахмин қилишича, Ислом Каримовга запрет қўйилгани ҳақидаги хабарни айнан ўшалар берган бўлиши мумкин экан".