Ўзбекистоннинг “ижобий имиджини яратиш” Ташқи ишлар вазирлигига топширилди
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Президент Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни Ташқи ишлар вазирлигини ислоҳ қилиш назарда тутилган “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Жумладан, фармонда: “...Мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ва республиканинг халқаро ташаббуслари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилиш ишлари суст ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ижобий имиджини яратиш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш вазифалари самарали бажарилишига тўсқинлик қилмоқда”, дейилади.
Президент бу муаммони ҳал этиш мақсадида фармонда “миллий ва хорижий экспертлар жамоалари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва илмий доиралар билан мунтазам ҳамда мақсадли ахборот алмашиш ишларини кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг ижобий халқаро нуфузини шакллантиришда “оммавий дипломатия” воситаларини фаол қўллаш” кўрсатмасини берган.
Фармонда таъкидланишича, бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати негизида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси, Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими ташкил этилади. “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида эса “Дунё” ахборот агентлиги ва Медиа-марказ тузилади.