Ўзбекистонда Каримов ўлгани ҳақида Telegram ва WhatsApp орқали хабар тарқатганлар ушланди
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида мамлакат президенти Ислом Каримовнинг вафот этгани расмий эълон қилинмасидан олдин Telegram ва WhatsApp мессенжерлари орқали президентнинг ўлгани ҳақида хабар тарқатганликда гумон қилинаётган ўндан зиёд шахс қўлга олиниб, сўроқ қилинмоқда. Айни пайтда пойтахт Тошкент ва вилоятлардаги ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ва мактаб ўқувчилари телефонларидаги Telegram ва WhatsApp иловаларини ўчиришга мажбурланмоқда.
Наманган вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбасига кўра, вилоятда "Ислом Каримовнинг ўлими ҳақда иғво хабар тарқатган" 12 одам қўлга олинган.
Исми очиқланмаётган бу шахслар “жамоатчилик тартиби бузилишига хавф яратувчи, ахборот-коммуникация тармоқлари воситалари ёрдамида атайлаб ёлғон ахборот тарқатганлик” айби бўйича Наманган шаҳри Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасида сўроқ қилинмоқда.
“Билиб-билмасдан ёлғон-яшиқ ахборотни тарқатишган. Кимдир юборган, булар бошқаларга тарқатиб юборган. Шундай йўл билан ваҳимали миш-мишлар, иғво хабарлар тарқалишига шерик бўлган", - деди Наманган ҳуқуқ-тартибот органларидаги исми сир қолишини истаган мулозим.
Эслатиш жоиз, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўлгани ҳақидаги хабарлар нафақат ижтимоий тармоқларда, балки айрим Интернет нашрларда ҳам 29 августдаёқ пайдо бўлган эди.
Ҳукумат Каримовнинг шифохонага станцинар даволанишга ётқизилгани ҳақда эълон қилган бир пайтда президентнинг қазо қилгани ҳақидаги хабарлар Telegram ва WhatsUpp тармоқларида ҳам Ўзбекистон ичида қўлма-қўл бўлган.