Ўзбекистонда инфляция даражаси келаси йили қитъада энг юқори бўлади
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзини истеъмол бозорлари бўйича стратегик тадқиқотлар жабҳасида дунëнинг етакчи гуруҳи деб тақдим этган Euromonitor International Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги инфляция даражасига оид ҳисобот ва башоратига жиддий шубҳа билдирди. Гуруҳга кўра¸ бу йил ва келаси йилги инфляция даражаси ҳукумат айтаëтганидан камида икки марта баландроқдир.
13 ноябрь куни Ўзбекистон парламенти қабул қилган 2015 йилги давлат бюджетида келаси йилги инфляция даражасининг 5¸5-6¸5 фоиздан ошмаслиги “реалистик тахмин” сифатида тасдиқланди. Ҳукумат таъкидича¸ 2014 йилда инфляция кўрсаткичи 6¸8 фоиздан ошмаган.
Озодлик билан суҳбатда Euromonitor International таҳлилчиси энг камтар ҳисоб-китобда 2014 йилда Ўзбекистондаги инфляция 10 фоиздан кам эмаслигини айтади:
- Биз тадқиқотларимиздаги рақам ва башоратларни нафақат ҳукуматлар¸ балки Халқаро валюта жамғармаси каби йирик молиявий тизимлар¸ шунингдек¸ мустақил таҳлилчилардан ҳам оламиз. Шу боис 2014 йилда Ўзбекистондаги инфляция даражаси 10 фоизни¸ келаси йили эса¸ 11¸2 фоизни ташкил этади деган рақам ва фаразлар¸ имкон қадар объектив таҳлилга асосланган¸ дейди Euromonitor International гуруҳининг етакчи таҳлилчиларидан бири Анна Соловьëва Озодлик билан суҳбатда.