Тошкент марказида ўтган ҳафта Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси қошидаги Контрабандага қарши кураш бош бошқармаси тарафидан бир кунда муҳрланган 14 дўконнинг ёпилиш сабаблари изоҳланди.
Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасидаги Озодлик манбасининг айтишича, бу дўконлар 14 ноябр куни ўтказилган рейд давомида аниқланган жиддий молиявий жиноятлар боис бирданига ëпиб қўйилган.
Манбага кўра, бу дўконларда дунëнинг қимматбаҳо брендлари дея тақдим қилинган сохта кийим-кечаклар сотилган.
Тошкентдаги қимматбаҳо бренд тамғаси остида сохта мол сотадиган бошқа дўконлар қолиб, нега бу 14 та дўкон Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси қошидаги Контрабандага қарши кураш бош бошқармаси нишонига айлангани ҳақида Озодлик манбаси бирор-бир маълумот бермади.
Бу орада Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси мамлакатдаги Podrobno.uz нашри воситасида Тошкент марказидаги ëпилган мода бутикларидаги "фош қилинган товламачиликлар" ҳақида тафсилотларни очиқлади.
Бу маълумотларга кўра¸ "New Millennium", "New Millennium Kids", "New Millennium Sport", "Geox", "S.Oliver", "Adventure", "Mango", "Levis", "Benetton", "Antonio Moratto", "Chicco" каби 14 дўконда кирим қилинмаган катта суммадаги валюта Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси текширувчилари тарафидан мусодара қилинган.