13 октябрь куни Москвада 24 ёшли Достон Адҳамовнинг ўлдирилиши Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини янада сергак торттирди. "Бу ерда ҳамма ўзини эҳтиёт қилиб юриш керак. Хавотирдамиз, лекин Худо деб юрибмиз," - дейди қашқадарёлик меҳнат муҳожири. Қотиллик турли баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда. "Бундай жиноятлар одатда маиший ҳисобланади ва матбуотда кенг ёритилмайди. Масалан, деярли ҳар ҳафтада муҳожирлар маҳаллий аҳоли вакилларини ўлдиргани ёки зўрлагани ҳақида маълумотлар эшитамиз. Аммо ҳаммаси матбуотда ёритилмайди. Бу воқеа ҳам шундай, фақат акси. Маҳаллий муҳожирни ўлдирган, жиноятчи қўлга олинган. Агар жиноятчи жазосиз қолганида, норозилик билдириш мумкин эди," - дея фикр билдирди юрист Баҳром Исмоилов. Достон Адҳамовнинг жасади 17 октябрь куни тонгда Ўзбекистонга юборилди. Уни кузатган яқинлари юртдошларининг бу воқеага бефарқ бўлганликларини иддао қилишди. "Ўликхонадан беш киши бўлиб олиб чиқиб, ўзимиз кузатдик холос. Юртдошларимиз қотиллик рўй берган пайтда қандай томошабин бўлган бўлса, шундай четдан кузатишди, холос," - деди марҳумнинг синфдоши Ҳалилжон. Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.