Россиядаги "Левада-центр" жамоат фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига қараганда бу мамлакат аҳолисининг АҚШга муносабати бироз яхшиланган. Шунга қарамасдан, россияликларнинг 70 фоизида АҚШга салбий муносабат қолаётгани қайд этилди. Экспертлар россияликларнинг бундай дунёқараши Россия пропагандаси маҳсули эканини эътироф этмоқда.
Сўровда иштирок этган русларнинг 70 фоизи океан ортидаги мамлакатга ўзининг негатив муносабатини билдирган, ваҳоланки жорий йилнинг январида бундайлар сони 81 фоизни ташкил этган эди.
Сўралганларнинг 19 фоизи Қўшма Штатларга муносабати ижобий эканлигини билдирган эди.
Шунингдек, “Левада” мутахассислари россияликларнинг Европа Иттифоқи тўғрисидаги тасаввурлари яхшиланганини қайд этди: сўралган Россия фуқароларининг 62 фоизи яхши, 26 фоизи эса ёмон қарашда эканини белгилаган. 2015 йил бошида Европа давлатларига яхши муносабатда бўлганлар 20 фоиз , ёмон муносабатдагилар эса 71 фоизни ташкил этганини эслатиб ўтишимиз жойиз.
Левадачилар ярим йил давомида рус аҳолисининг Украинага нисбатан муносабати ҳам ижобий томонга силжиганини очиқлади. Шундай қилиб, Украинага салбий муносабатда эканини 60 фоиз (йил бошида 64 фоиз), ижобий қарашда – 28 фоиз (йил бошида 28 фоиз) россиялик билдирди.
Айни пайтда, 75 фоиз россияликнинг Хитойга бўлган ижобий, 13 фоизининг - салбий муносабатда экани мутахассислар қизиқишини ўзига тортди. Владимир Путин ҳукуматининг айнан Хитой билан муносабатларни яхшилашга кўп куч сарфлаётганига қарамасдан, русларнинг жанубий қўшнисига бўлган эътибори ёмон томонга бурилаётган кўринади, чунки йил бошида бу кўрсаткичлар 80 ва 13 фоизни кўрсатгани маълум.