У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Тошкентда б ир кечада 10 та тўйда хизмат қила олгани учун "бирров қироли", деб ном қозонган хонанда Абдулла Қурбоновнинг ўзбек милиционерларини "порахўр", дея сўккани акс этган видеотасвир интернет ва қўл телефонларида тарқатилмоқда.
Интернетдаги Youtube.com порталига 17 феврал куни юкланган видеотасвирда Тошкентдаги милиция бўлимларидан бирида қўли ўриндиққа кишанланган қўшиқчи Абдулла Қурбонов милиционерларни порахўрликда айблагани ва бўралаб сўккани акс этган.
Ўзбек қўшиқчисининг милиция зобитларига фаол қаршилик кўрсатгани баъзи интернет муштарийлари симпатиясига сабаб бўлгани айтилмоқда.
Айни пайтда қўшиқчининг айрим мухлислари Озодлик билан суҳбатда унинг одоб доирасидан чиққанидан ташвиш ҳам билдиришди.
Биз бу тасвир ортидан хонанда Абдулла Қурбоновнинг ўзи билан боғланиб, унинг муносабатини сўрадик.
- Улар мени ҳеч бир сабабсиз кишанлаб онамни сўкишди. Мен ҳам милиционерларнинг онасини сўкдим. Ўғил бола бўлиб туғилганман. Жонимга тегишди ва тегишли жавобини олишди. Бунақа ҳолат ҳар бир инсонда бўлиши мумкин. Бошимдан кўп нарса ўтди. Кўп туҳматлар қилишди. Ўшанда фақат сиз сабр билан, шукр билан ғолиб чиқаркансиз. Нега? Ҳақиқат бўлса, ҳақ бўлсангиз эгишади, букишади, барибир синдиришолмайди¸ дейди қўшиқчи Абдулла Қурбонов Озодлик билан суҳбатда.
Қўшиқчига кўра¸ хозир қўл телефонлари ва интернетда тарқатилаëтган бу видеотасвир ўтган йил охирида Тошкентдаги милиция бўлимларидан бирида унинг изнисиз суратга олиб, тарқатилган.