Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шарҳида яшайдиган 26 яшар Акмал Расулов Ўзбекистонга ақидапарастлик мазмунидаги материални олиб киришга уринишда айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Акмалнинг Озодликка боғланган яқинлари ҳукмдан норозилигини билдириб, маҳкамада айблов ўз исботини топмади, деб даъво қилмоқда. Озодликка йўлланган ҳукм нусхасида айтилишича, бу йигит тақиқланган материалларни "қўл телефонида қасддан яширинча олиб киришга уринган".
Иддао
Озодликка маълум бўлишича, Чимкентдан Тошкентга қатнаб, савдо қиладиган 26 яшар Акмал Расулов 2016 йилнинг 30 мартида контрабанда жиноятида гумон қилиниб, ушланган.
Акмалнинг яқинларидан бири исми сир қолиши шарти билан дастлабки суд шу йилнинг 21 июлида Тошкент вилоятида бўлгани ва унга 5 йил қамоқ жазоси берилганини айтди. Лекин, яқинлари апелляция судига мурожаат қилган ва амнистияга илинишига умид қилиб, бу борада ҳеч кимга хабар беришмаган.
Эндиликда, манбанинг айтишича, 6 декабрь куни Тошкентда ўтган аппеляция судида ҳукм ўз кучида қолдирган:
"Акмални нарушение қилди, деб изоляторга ташлашибди. Амнистия ҳам беришмабди. Аслида март ойида Акмал онаси билан мол олиб келиш учун Тошкентга бораётганда ушлашган. Телефонидан нимадир диний материал чиққан, ўша Ўзбекистонда тақиқланган, деб ушлашган экан. Унга адвокатни Ўзбекистон давлатини ўзи берган. "Болангизни амнистия билан чиқариб юборишади, қўрқманг!" деб чўзиб келишган. Лекин, охирги судга Акмални олиб келишмабди.", деди Озодликка исмини сир сақлаш шарти билан маълумот берган манба.