Толибон нишонидаги юлдуз: У энди Ўзбекистонда ҳам концерт бермоқчи, ўзбекча куйламоқчи - Ориёно Саиднинг эътироф этишича, албатта, толиблардан қўрқади. Аммо АҚШ бўладими, Европа ёки режасида бўлган Ўзбекистон, ҳатто, ўз она Ватани Афғонистон, албатта концерт бераверади. “Чунки бу менинг танлаган йўлим”, дейди у. Ориёно асосан форс ва пашту тилларида куйлайди. Ҳиндча ва инглизча қўшиқларни ҳам қойиллатади. Аммо, қаҳрамонимизга кўра, у энди хосан ўзбек тилида ҳам қўшиқ куйламоқчи ва аллақачон дастлабкисининг устида ишлашни ҳам бошлаган. “Ўзбек қўшиқлари жуда ҳам ширин, жуда ҳам ёқимли, эшитганимда, қулоғимга жуда жозибали эшитилади”, - дейди у. Ориёно Саиднинг айтишича, ўзбек тилига бўлган қизиқиши ҳам фавқулодда кучли. Шу пайтгача ўзбек тилида қўшиқ куйламаётган бўлса, бунинг фақат битта сабаби бор - у ҳам бўлса ўзига ёрдам бериши мумкин бўлган шоир йўқ. Ориёно Саид бунинг учун ўзбекзабон мухлисларидан узр сўрашини ҳам айтади. У бир неча йилдан буён Лондонда яшаб, ижод қилади. Қатор халқаро мукофотлар соҳибаси. Афғонистонлик юлдуз хонанда билан Би-би-си Ўзбек хизмати ходими Парвин Файз суҳбатлашган. Суҳбат Афғонистон учун ўзбек тилидаги телевизион янгиликлар дастури учун тайёрланган. BBC News O'zbek - BBC News O'zbek tilida, onlayn, TV va ijtimoiy tarmoqlarda