"Сўх муаммоси катта сиёсий ўзгариш. сўнг ҳал бўлади"
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистон ҳукумати Сўх эксклави билан боғлиқ можароларга барҳам бериши мумкин бўлган таклифларни ўртага ташлаган, лекин Қирғизистон томони уларни қабул қилмаган, деди ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Таҳлилчи 2000 йили ўзбекистонлик бир гуруҳ тадқиқотчилар билан биргаликда ҳукумат топшириғига биноан Сўхдаги вазиятни ўрганган эди.
Сўхдаги сўнгги воқеалар муносабати билан Озодлик саволларига Камолиддин Раббимовнинг жавобларини эшиттиришга қўйиш олдидан баъзи маълумотлар билан танишинг.
Фарғона вилоятининг Сўх тумани тўлалигича Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги Сўх эксклавида жойлашган тумандир.
Риштон тумани таркибида бўлиб келган Сўхга 1990 йили мустақил туман мақоми берилган.
Сўх туманида, баъзи маълумотларга қараганда, 55 минг кишига яқин аҳоли яшайди ва уларнинг 99,4 фоизи этник тожиклардир.
Озодлик: Аввало Сўхни тасвирлаб берсангиз. Ўзбекистонликларнинг ўзлари кўп ҳам билавермайди. Бу Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистон эксклави. Марҳамат.
- Сўхнинг аҳволи жуда ҳам қизиқ. Қирғизистоннинг ичида жойлашган. Қирғизистон учун анклав, Ўзбекистон учун эксклав. Аҳолисининг мутлақ аксарияти, тахминан 90 фоизи этник тожиклар. Сўхнинг географик жойлашуви бу тоғли ҳудуд. Қирғизистон билан Сўх райони ўртасида сув ресурслари жуда ҳам чигал дейишимиз мумкин. 2000 йилда ўша ерда бўлганимизда сув масаласи юзасидан маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон аҳолиси ўртасида жанжал бўлганлигини кузатган эдим.