Собиқ вазирдан шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат олинди
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири лавозимидан шу йилнинг февралида озод қилинган 62 ëшли Турсунали Қўзиевдан шаҳарни тарк қилмаслик ҳақида тилхат олинган.
Тилга олинган вазирликда аниқланган молиявий камомад боис, Ўзбекистон прокуратураси тарафидан очилган жиноят иши доирасида собиқ вазир Турсунали Қўзиевнинг ҳам тергов қилинаëтгани айтилди.
Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра¸ собиқ вазир Турсунали Қўзиев давлатга етказган зарарни қоплаш шарти билан қамалмасдан қолган:
- Турсунали Қўзиев озодликдан маҳрум қилинмаслик эвазига давлатга етказган бир миллиард сўм зарарни қоплайдиган бўлди, деди вазирликдаги Озодлик манбаси.
У Турсунали Қўзиевнинг ишдан олинишининг вазирлик ходимлари учун кутилмаган ва ўз вақтида жамоатчилик учун сир қолган тафсилотларини айтиб берди:
- Қўзиевни шу йил 26 феврал куни ишдан олишди. 25 феврал куни эрталаб Турсунали ака вазирликда мажлис ўтказди. Унинг ишдан кетиш эҳтимоли йўқ эди. Ўша куни кечқурун уни ишдан олишди. Ишдан бўшатиш қарори Вазирлар Маҳкамаси коллегияси тарафидан маъқулланганини айтишди. 26 феврал куни бизга шоир Минхожиддин Мирзо (Хожиматов)ни вазир қилиб тайинлашди. Тайинлаш пайтида Бош вазир Шавкат Мирзияев Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги барча нуқсонларни Қўзиев номи билан боғлади, деб ҳикоя қилди манба бундан 7 ой бўлиб ўтган воқеани.
Ишдан олинган вазир билан бир неча марта учрашган Озодлик манбасининг айтишича, Бош вазир Шавкат Мирзияев вазир ишдан бўшагани билан жавобгарликдан қутула олмаслигини айтган:
- Коллегия йиғилишида Мирзияев Турсунали Қўзиевни жиддий тафтишлар кутаëтани ва оқибати яхши бўлмаслигини айтиб, бошқа мулозимларга сабоқ чиқариш лозимлигини эслатган эди, деди суҳбатдош.