Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодировга Қуръон совға қилди, бунақаси бўлмаган - BBC Uzbek
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистон ва Чеченистон: Мирзиёев Рамзан Қодировга Қуръон совға қилди, бунақаси бўлмаган - Шавкат Мирзиёевнинг Чеченистон президентига ҳадяси Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган қадимий Қуръоннинг нусхаси бўлади.
Ўзбекистон раҳбарининг нодир совғаси ҳақида Рамзон Қодировнинг ўзи, vk.com даги расмий аккаунтида маълум қилган.
У бу хабарига Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов бошчилигидаги делегация билан пойтахт Грознийда кечган учрашувларидан суратлар ва видео ҳам илова қилган.
Маълум бўлишича, президент Мирзиёевнинг ҳадясини Рамзан Қодировга айнан унинг маслаҳатчиси Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси раҳбари ва муфтийси ҳозирлигида топширган.
Суратлар ва видеода ўзбекистонлик таниқли уламо, собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси(ҳозирда марҳум - таҳр.) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли ҳам кўрилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг исломий ёки аксарият аҳолиси мусулмон бирор бир бошқа давлат раҳбарига Қуръон совға қилганига оид хабар шу пайтгача на-да маҳаллий ва на-да халқаро нашрларда кўзга ташланган.
Аммо хорижий давлат раҳбарлари билан учрашувлари чоғида уларга қилган совғаларининг ўзига хослиги билан Шавкат Мирзиёев аллақачон эътибор тортиб улгурган.
Ўзбекистон Президенти, дейлик, яқинда Беларусь раҳбарига унинг қиёфасидаги хоккейчи ҳайкалчасини совға қилган.
Ўшанда Шавкат Мирзиёевнинг бундан аввал беларуслик ҳамкасбига ёғочдан ўзбекона қилиб ўйиб ишланган айвонча ҳадя этгани ҳам маълум бўлганди.
Рамзан Қодиров ҳам илтифотда Ўзбекистон томонидан заррача қолишмаган.
Чеченистон раҳбари ҳам ўзбек-чечен халқларини мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини алоҳида қайд этган.
Юз ифодаси, сўзлари мазмуни ва оҳангидан Ўзбекистон президенти ҳадясидан жуда мамнун экани кўрилган.
Рамзан Қодиров Ўзбекистон президентининг совғасини "жуда нодир", деб атаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek