“Ҳозир Россияда ўзбекистонлик мигрантларчалик бошқа давлатнинг фуқаролари қийинчиликларга тўқнаш келишаётгани йўқ. Биз патентга пул, яна давлатга солиқ тўлаймиз. Давлатга 13 фоиз солиқ тўлашимиз лозим экани боис, ҳамма ҳужжатларимиз бўлса ҳам, бизни ишга олмаяпти. Чунки давлатга фоиз тўлайди-да бизни ишга олган одам ҳам. Кейин регистрация жуда қийин бўлаяпти”, - дейди худди шу саволимизга жавобан Москвадаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири.
Худди шу жавоби манзарасида унинг айтишича, Россиядаги Ўзбекистон элчихоналари, консулликлари ёки миграция ваколатхоналари сонини оширишнинг кераги йўқ, оз бўлса ҳам, сифатли иш бажаришса, бўлди.
“Битта элчихона бўлса ҳам, ҳеч бўлмаганда, камида ҳар уч ойда мигрантларни йиғиб, гаплашиб, мисол учун ҳар хил тадбирлар ўтказиши керак. Тушунтириш ишларини олиб бориши керак. Қандай муаммолари борлиги билан қизиқиши, ечим йўлларини кўрсатиши лозим. Билмаган мигрантларга қонун-қоидани ўргатиши керак”.
“Менинг бирор марта консулликка ишим тушмади. Тушмасин ҳам. Чунки, мисол учун, телефон орқали жавоб бермайди улар. Фақат бориш керак. Эшитишимча, ҳатто, кечқурун, икки-уч кунлаб ўша ерда ётиб қолиб, бошқа қилиб, кутишган одамлар ҳам бор экан”, - дейди у.
Ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари эса, айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.
Айнан меҳнат муҳожирлари ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келган асосий манбалардан бири вазифасини бажариб келган.
Аммо, шунга қарамай, меҳнат муҳожирлиги марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистон ҳукумати эътиборидан четда қолган иккита энг муҳим муаммо бўлса, шундан биттаси бўлган.
Мигрантлар мамлакатда “борига шукр қилишни хоҳламаган” одамлар ёки президент Каримов таъбирида, “дангаса” ўлароқ таърифланган.
Марҳум президент, айниқса, Россияга нисбатан “қўшилмаслик” сиёсатини маҳкам тутган, Кремль бошчилиги остида турли хил иттифоқларга киришга рўйхўшлик бермаган.
Худди шу манзарада қўшни Қирғизистон ва Тожикистон меҳнат муҳожирлари масаласида расмий Москва билан имтиёзли келишувларга эришишга муваффақ бўлишган.
Дейлик, ЕвроОсиё Иқтисодий ҳамжамиятига аъзолик Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Қирғизистон фуқароларини ишлаш билан боғлиқ деярли барча ҳужжатвозликлардан халос этган.
Президент Путин президентлик ваколатининг сўнгги йилларида Россияда миграцияга оид қонун-қоидалар кучайтирилган бир манзарада, Ўзбекистонда янги қудратга келган президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўзларининг меҳнат муҳожирлигига оид сиёсатларини кескин ўзгартирган.
Мирзиёев расман президентлик ваколатининг ижросига киришган ўтган бир ярим йилнинг ўзида Россия билан бу хусусда ҳукуматлараро шартнома имзолашга муваффақ бўлган.
Янги президент Россияда Ўзбекистон консулликлари сони оширилиши, катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлатларда миграция ваколатхоналарининг очилишини маълум қилган.
Ўзбекистондан миграция оқимини қонуний йўлга солиш ҳаракатлари кучайтирилган.
Аммо суҳбатдошимизнинг биз юқорида тилга олиб ўтган сўзлари ва умидлари эса, Владимир Путин Россиянинг янги президенти сифатида ўзининг навбатдаги ваколати ижросига киришган бир кунда янграган.
Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.