Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Озодликда эълон қилинган "Ишчилар пахтада, имом, отинойи ва дастурхончилар терим отрядлари тузмоқда" сарлавҳали мақолага жавоб эълон қилди. Унда маҳаллий раҳбарлар Озодликка тақдим этмаган маълумот - пахта теримига теримчи ёллаш ва терим отрядларини ташкил қилиш тартибига расман изоҳ берилган.
20 сентябрь куни Озодлик чоп этган мақолада Бухоро ва Қашқадарëдаги завод-фабрикалар, аҳолига хизмат кўрсатувчи корхона, ташкилот ва муассасалар ишчилари 17 сентябрдан бошлаб пахта теримига чиқарилгани, Фарғона водийсидаги имомлар ва дастурхончилар эса, аҳолини пахтага олиб келишга сафарбар қилингани хабар қилинганди.
Шунингдек, мақолада бухоролик айрим ишчилар Озодликка улардан “ўз ихтиëрим билан пахтага чиқдим”, деган тилхат ëздириб олингани ҳақида айтгани келтирилганди.
Озодлик мухбири бу маълумотларга расмий изоҳ сўраб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилган, аммо тўлиқ расмий маълумот тақдим қилинмаган эди.
22 сентябрь куни ЎзА агентлиги бу мақолага Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги берган расмий жавобни чоп этди.