Икки йилдан буён фермерлар олдидаги қарзини узолмаган Тошкент вилоят, Оққўрғон туманидаги “АВС Oqqo’rg’on AgroCluster” пахта пули ўрнига бозор нархидан анча қиммат кунжара ва пахта ёғи таклиф қилмоқда
Фермерларнинг айтишларича, бозор нархидан анча қиммат бўлган кунжара ва пахта ёғини улар ўзлари машина ёллаб, Жиззахдаги корхонадан олиб келишлари керак.
Фермерлар ҳисоб-китобича, агар улар бу маҳсулотларни бозорда улгуржи сотганда ҳам, пахта пулининг камида 30-40 фоизи миқдорида зарар кўради.
“АВС Oqqo’rg’on AgroCluster”нинг Оққўрғондаги вакили Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.
“АВС Oqqo’rg’on AgroCluster” Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани фермерларига икки йилдан буён пахта пулини бермаётгани ҳақида Озодлик ўтган йилнинг 13 декабрида ёзган эди.
6 февраль куни Озодлик билан боғланган фермерлар, кластер корхонаси фермерлар олдидаги миллиардлаб сўм қарзини кунжара ва пахта ёғи билан узмоқчи бўлганини айтдилар.
Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, пахта пулини бермагани етмаганидаек, кластер уларга бозордан анча қиммат нархдаги кунжара ва пахта ёғи таклиф қилмоқда:
“Таклифнинг “ажойиб”лигини қаранг. 4,2 литрлик пахта ёғини 40 минг сўмдан таклиф қиляпти. Бозорда эса 34-35 минг сўм. Кунжарани 2500 сўмдан олинглар деяпти. Бозорда эса жуда нари борса 2200 сўм. Шунинг ўзидан бизга қанча зарар! Лекин, биз буни бозордагидай ўтириб сотишга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам йўқ. Бозорчиларга улгуржи сотишимиз мумкин. Унда улар бозор нархидан ҳам анча паст олади. Пахта ёғини 30 мингдан, кунжарани эса 2000 дан сотишимиз мумкин. Машина кираси ҳам кам деганда 1,5 миллион сўм бўлади. Ҳисоблаб кўрсам, менинг ўзим бундан 50-60 миллион сўм зарар кўраман экан”.
Фермернинг айтишича, ноиложликдан бу таклифга рози бўлиб, Жиззахдан кунжара ва пахта ёғи олиб келаётган фермерлар ҳам бор:
“Фермерлар шунга ҳам рози бўляпти. Икки йилдан буён кластер пахта пулини бермай келяпти. Бу ёқдан солиқчилар қўшимча қиймат солиғини тўланглар деб қистаяпти. Янги ҳосилга тайёргарлик кўриш керак. Кечиб юборгандан кўра, бу ҳам ҳарна дейишяпти”
Фермерга кўра, кластер корхона чигитни негадир яқин масофада бўлган Гулистондаги ёғ-экстракция корхонасига эмас, балки 200 километр узоқликда бўлган Жиззах шаҳридаги корхонага олиб бориб топширади:
“2018 йили Гулистондан кунжара ва ёғ олган эдик. Бу йил эса Жиззахдан олиб келасизлар деяпти. Нега шунча узоққа олиб бориб топшришларига ҳайрон қоляпмиз. Менимча, кластер корхона раҳбарлари жиззахликлар бўлгани учун шундай қилишяпти”.