Нобиометрик паспорт муддати яна бир ярим йилга узайтирилди. Жарима бекор этилди
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Ўзбекистонда эски нобиометрик паспортларнинг амал қилиш муддати Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 494-сон қарорига мувофиқ мамлакат ҳудудида 2019 йил 31 декабрга қадар, чет эл ҳудудида эса нобиометрик паспортнинг амал қилиш муддатига қадар узайтирилди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими аҳолига эски паспортларни алмаштиришлари учун қўшимча имконият бериш мақсадида ҳукумат шундай қарор олганини айтди.
Ўтган ҳафта Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манбасига асосланиб, вазирлик эски паспорт муддатини узайтиришни сўраб ҳукуматга мурожаат қилгани ва эски паспортларнинг амал қилиш муддати камида бир йилга узайтирилиши борасида ҳукуматнинг қарори кутилаётгани ҳақда хабар қилган эди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан 5 июль кунги суҳбатда ҳукумат қарори вазирликнинг сўрови асосида қабул қилингани, 1 июлгача янги паспорт олишга улгурмаганлар жаримага тортилмаслигини тасдиқлади.
- Одамлар охирги кунга тақаб, янги биометрик паспортга топшираяпти, столларда навбатлар кўпайиб кетаяпти. Паспорт олишга улгурмаганларга яна имконият берайлик, навбатда туриб қолишмасин, деб келаси йил охиригача узайтирилаяпти. Эски паспорт муддати узайтирилгандан кейин, жарималар ҳам бўлмайди, - дейди ИИВ расмийси.