Н.Мўминова ўзб. аёл. орасида илк халқаро гроссмейстер
У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Асли фарғоналик 22 ёшли Нафиса Мўминова ўзбек шахматчи қизлари орасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди.
Нафиса - халқаро гроссмейстер
Шахмат оламида кўплаб муваффақиятларга эришиб келаётган Нафиса Мўминова учун 2013 йил омадли бошланди.
Халқаро шахмат федерацияси 22 ёшли Нафиса Мўминовани халқаро гроссмейстер унвонига муносиб деб топди.
Нафиса, Озодлик билан суҳбатда, ўзининг йиллар давомида эришган муваффақиятлари эвазига халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлганини гапириб берди.
- Ҳар бир унвон учун халқаро нормативлар бор. Шу нормативларни халқаро турнирлар, халқаро мусобақаларда бажарган бўлишингиз керак. Халқаро гроссмейстер унвонини олиш учун маълум даражада рейтинг белгиланган. Рейтинг 2300 дан кам бўлмаслиги керак. Ҳозир менинг рейтингим 2343,- дейди Нафиса.
Шахмат оламидаги пиллапоялар
Асли фарғоналик Нафиса Мўминова тўрт ёшидан шахмат ўйнашни бошлаган. Тўққиз ёшидан Қўқондаги шахмат клубига аъзо бўлган Нафиса 2002 йилда ўз тенгдошлари орасида Ўзбекистон чемпиони бўлди.
- 2002 йилда жаҳон чемпионатида ҳам қатнашдим. Жаҳон чемпионатида яхши натижа бўлмади. Чунки профессионал даражада шахмат билан шуғулланмасдим унда. Шахматдан анча узоқда эдим. Шахматга профессионал кириб келишимга асосий сабабчи 2007 йилдаги Марказий Осиë минтақасида жаҳон чемпионатига саралаш турнири бўлди. Ўшанда мен ҳам қатнашган эдим. Ўшанда биринчи бўлиб ўзбекистонлик аëллардан, Марказий Осиë минтақасига битта ўрин ажратилган эди, ўшани ютдимда, биринчи бўлиб ўзбек аëллари ичида жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдим. Бу жиддий турнир эди. 2008 йилда бўлиб ўтиши керак бўлган. Кейин тайëрланишни бошладим. Шундан кейин профессионал шахматга кириб келдим. Шахматга жиддий қарашни бошладим,- дейди Нафиса Мўминова.