2005 йилдан буён Қирғизистон ва Россияда, 3 йилдан бери эса, Туркияда яшаётган Маъмура Раҳматова турмуш ўртоғи, қизи, ўғли, келини ва икки набираси билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди. Унинг 8 май куни Озодликка айтишича, оиласи бу қарорга президент Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан руҳланиб келган.
Туркиядаги Ўзбекистон Бош консули ёрдамчисининг айтишича, агар Маъмура Раҳматова мурожаат қилса, унга ва оиласига Ўзбекистонга қайтиши учун қонун доирасида кўмак кўрсатилади.
Асака туман ички ишлар бўлими зобити, агар Раҳматова оиласи билан Ўзбекистонга қайтса, Тошкент аэропортида шахсан ўзи кутиб олишини билдирди.
Янги саҳифани очинг
Тергов - "ваҳҳобийлик" - чегарани бузиш - тергов - чегарани бузиш...
Ўзбекистонга қайтиш тўғрисидаги қарори қатъий эканлигини Озодлик билан суҳбатда билдирган асакалик 50 яшар Маъмура Раҳматованинг 2005 йил, 13 май воқеаларига алоқаси йўқ. Бу воқеаларга қадар тергов изоляторида сақланаëтган бўлган Раҳматова¸ айнан ўша воқеалар туфайли изолятордан озод қилинган ва шундан сўнг Ўзбекистонни тарк этган.
Раҳматованинг Озодликка айтишича, 2005 йили у давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб терговда бўлган.
Чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, бир муддат Қирғизистонда яшашига эса, 2000 йили Избоскан туманидаги "қама-қамалар" сабаб бўлган.
Избоскан туман маркази Пойтуғ шаҳрига келин бўлиб тушган Маъмура Раҳматова 2000 йили бир гуруҳ пойтуғликлар қатори ваҳҳобийликда айбланиб, ушланган.
- 2000 йили ваҳҳобий, деб бир группа қўлга тушди. Ўшанда Пойтуғда жуда кўп диндорлар қамалиб кетди. Ушлаётган пайтда отишмаям бўлган. Шу пайтда ваҳҳобий, деб айблаб, мениям опкириб қўйди, - деб эслади Раҳматова. Унинг айтишича, ўшанда у икки ойга яқин ҳибсда ушланган ва кейин қўйиб юборилган.