У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
Қашқадарёда ўзи содир қилган жиноятни бошқа фуқаронинг бўйнига юклашга уринган милиция ходими 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Айни пайтда суд милиция ходимининг айбини бўйнига олган фуқарони ҳам ёлғон кўрсатма бергани учун жазолади. Воқеа гувоҳлари эса бу ҳолни жиноят қилаётган милиционерлар сонига нисбатан дарёдан бир томчидек оз, демоқдалар.
Қашқадарёда одам уриб ўлдирган милиция ходими Ҳамдам Комилов ишини йўқотмаслик мақсадида муқаддам судланган фуқаро Йўлдош Мойлиевни "Автоҳалокат пайти машина рулида мен ўтирганман" деб ёлғон гувоҳлик беришга кўндирган.
Ўзбекистонда чиқадиган "Истеъмолчи" газетасининг ёзишича, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар Ички ишлар бўлими ходими Комилов томонидан содир этилган автоҳалокат оқибатида мазкур шаҳардаги "Нуристон" академик лицейи ўқитувчиси Абдиназар Тўлаганов ҳалок бўлган.
"Мазкур иш бўйича жиноят иши қўзғотилиб, судга чиққач, милиция ходимининг тергов идорасини чалғитгани ва алдагани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди милиция ходими Комиловни 7 йилга озодликдан маҳрум этди, шунингдек, унинг ҳисобидан марҳум Тўлаганов рафиқасига 15,3 миллион сўм (Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курс бўйича 7,2 минг АҚШ доллари) миқдорида моддий ва маънавий зарар ундиришни белгилади", деб ёзди "Истеъмолчи".