Европа парламенти 10 март куни Қозоғистонда сўз эркинлиги бўйича резолюция ёйинлаб, унда қозоқ расмийларини журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъқибни тўхтатишга чақирди.
“Европа парламенти мустақил ва танқидий қарашдаги оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерларга нисбатан давом этаётган таъқибни, Қозоғистон расмийларининг сиёсий асосга эга бўлган айбловлардан фойдаланишини ва узоқ муддатли қамоқ таҳдиди остида сохта иқрорномалар олиш амалиётини қоралайди. Европа парламенти Сейтқази Матаев, Гўзал Байдалинова, Серикжан Мамбеталин ва бошқаларга нисбатан сиёсий сабабга эга бўлган аввалги ва ҳозирги маҳкама жараёнлари, ҳукмлар ва санкцияларни бекор қилишга чақиради”, дейилади Европарламент томонидан ёйинланган ҳужжатда.
Европа депутатлари Қозоғистон расмийларига оммавий ахборот воситалари учун ҳаддан зиёд оғир жазони кўзда тутган қонунчиликни ислоҳ қилиш талаби билан ҳам мурожаат қилганлар.
“Европарламент Қозоғистон расмийларини Европа Иттифоқи, БМТ ва ЕХҲТ томонидан тавсия этилгани каби қонунчиликда медиа-фаолият учун ҳаддан ташқари оғир маъмурий ва жиноий жазони бекор қилишни кўзда тутган ислоҳотларни зудлик билан бошлашга, хусусан, Жиноят кодексидан сўз эркинлигини чеклаш ва журналистларни айблаш учун фойдаланилаётган жазо моддаларини олиб ташлашга чақиради”, дея таъкидланади ҳужжатда.