У вашего броузера проблема в совместимости с HTML5
OzodJavob Форумига келган саволларнинг аксари чиқиш визаси билан боғлиқ ҳолатларга доир бўлгани учун бу сафар ана шу мавзуга оид жавобларни излашга қарор қилдик.
Чиқиш виза муддати тугагани учун жазо йўқ
"Чет элда юрган пайти чиқиш визанинг муддати ўтиб кетса нима бўлади? Ўзбекистонга қайтиб бориш хавфли эмасми? Қандай жазо бериши мумкин? Бу саволлар четда юрган жуда кўпчиликни қизиқтиради. Илтимос шу саволларга жавоб берсангиз" дея сўради исмини ёзмаган ўзбекистонлик фуқаро.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқароси хориждалиги пайтида чиқиш визасининг муддати ўтиб кетган тақдирида қонунда ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган.
"Чиқиш виза олиб бирор давлатга борган фуқаро фақат ўша давлатнинг ўзида юрса ва бу пайтда унинг чиқиш визасининг муддати ўтиб кетса, бу ерда ҳеч қандай жиноят йўқ. Дейлик, фуқаро чиқиш виза олгач Кипрга саёҳат қилди. Ўша ерда юрган пайти чиқиш визасининг муддати ўтиб кетди. Бундай ҳолатда фуқаро Ўзбекистонга бемалол қайтиш ҳуқуқига эга. У Ўзбекистонга кираётган пайти унинг чиқиш визасининг муддати ўтгани учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу нормал ҳолат. Қонунда бунга қарши ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган", деди Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.