Афғонистон биринчи вице-президенти Фарёб вилояти хавфсизлигига масъул, деб билган намояндаси ҳибсдан қўйиб юборилмаса, оммавий намойишлар, бўлажак парламент ва президент сайловлари, ҳукумат барномаларининг чиппакка чиқиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.
Генерал Дўстум кутилмаган ҳибс хусусида Туркиядан туриб расмий баёнот билан чиққан, бунинг "фитна экани" ва вилоят хавфсизлиги ёмонлашиб бораётган бир пайтда, "номақбул бир иш" эканини айтган.
Низомиддин Қайсорий кеча, 2 июль куни Афғонистон Мудофаа вазирлигининг махсус кучлари томонидан вилоят маркази Майманада қўлга олинган ва пойтахт Кобулга олиб кетилган.
Фарёб Афғонистоннинг шимолдаги стратегик жиҳатдан ўта муҳим ва Туркманистонга бевосита чегарадош вилояти бўлади.
Бошқа томондан, Фарёб Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан иккита шимолий вилоятидан биттаси бўлади.
Фарёб Афғонистоннинг қолган шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларига, таъбир жоиз, "кириш дарвозаси" саналади.
Низомиддин Қайсорий Афғонистон шимолидаги энг нуфузли ўзбек қўмондонларидан бири саналган.
У марказий ҳукумат наздида Фарёб вилоятидаги бутун кўнгиллилар бўлинмасига етакчилик қилувчи қўмондон сифатида билинган. Бошқа бирор бир расмий мақомда бўлмаган.
Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстумнинг "Жунбуши Миллий Исломий" партиясининг аъзоси.
Афғонистон шимолидаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, ҳозир 50 ёшларда бўлган Низомиддин Қайсорий ўн йилдан буён генерал Дўстумнинг Фарёбдаги норасмий намояндаси сифатида эътироф этиб келинган.
Унинг ҳибсга олиниши аллақачон қатор шимолий вилоятларда оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган, минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг янада издан чиқишига оид хавотирларни пайдо қилган.
Сўнгги йилларда айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятнинг жиддий ёмонлашгани, бу минтақаларда толиблардан ташқари, ИШИД жангариларининг ҳам фаоллашгани кузатилган.
Мавжуд вазият Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.