Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига бўлган ҳужум ҳақида “Бу катта фожеа бўлди” дея муносабат билдирди. Ислом дунёси тарихида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв, мазах, ҳақорат қилувчилар бўлганини мисоллар билан шарҳлаган шайх ҳазратлари бундай ҳолларда Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларнинг жавоби зўравонликка асосланмаганини таъкидлади.
Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига бўлган ҳужум ортидан мусулмонлар орасида бораётган мулоқотларда ҳажвга Ислом пайғамбарининг асл муносабати қандай бўлган, деган савол кун тартибига чиқмоқда.
Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Озодликнинг бу борадаги саволига жавоб берар экан, Муҳаммад алайҳиссалом даврида битилган "Қасидаи бурда" тарихини тилга олди.
"Қасидаи бурда"
- Ўша даврларда Каъб ибн Зуҳайр ибн Абу Сулмо, деган шоир жуда ҳам машҳур бўлган. Бу ҳали имон келтирмаган мушрикларнинг гапига кириб, Пайғамбаримизга ишонмаган ҳамда ҳажв шеърлар ëзган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом хафа бўлиб, уни тутиб келинглар деб буюрганлар. “Сени қидириб юришибди. Пайғамбарга олиб борса, сенга ўлим жазосини берса керак”, дейишгандан кейин бу жуда қўрқиб, қочиб юради.
Кейин бир қасида ëзиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўқиб берганида, бу қасидани эшитиб у киши жуда хурсанд бўлиб кетиб, устидаги чопонларини - араб тилида бурда дейди - елкасига солиб: “Сенга шу совға бўлсин. Жуда чиройли ëзибсан” дейди. Шунда у: “Ислом динини қабул қилсам, калимаи шаҳодатни айтсам, қабул қиласизми?” дейди.
Ислом динини қабул қилади ва “Мен сизни ҳажв қилиб юрардим олдин. Кечирасизми? Сизни билмасдан ëмонлаб, ҳажв қилиб қўйган эканман. Энди шуларни кечирасизми?” деганда: “Мен кечирдим сени. Сен энди чиройли, яхши мусулмон бўлгин” деб шу ерда бурдаларини бериб юборадилар, - дея ҳадис мазмуни тилга олди шайх Абдулазиз Мансур.