Қашқадарё вилоят Косон туманидаги умумтаълим ўрта мактабларидан бирининг 9- синфида ўқийдиган 15 яшар қиз 9 январга ўтар кечаси яшириб юрган олти ойлик ҳомиласидан ажради.
Озодлик мухбирининг бу ҳодиса юзасидан саволларига жавоб берган Косон туман расмийларига кўра, 8 январь куни кечқурун қизни тўлғоқ тутиб, қон кета бошлаган. Косон туман туғруқхонасига зудликда олиб келинган қизнинг ҳомиласи жарроҳлик йўли билан олиб ташланган.
Косон туман Ички ишлар бўлими мазкур воқеа юзасидан терговгача текширув ишларини олиб бормоқда.
Қайси мактабда ўқиши ва исм-фамилияси Озодликка маълум қиз яшайдиган маҳалла участка нозири Ў. Ж. тергов манфаатлари доирасида воқеанинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаслигини айтди.
Унга кўра, қизнинг ўзи уни жинсий алоқага мажбурлаган одамлар кимлигини билмайди. Лекин камида уч-тўрт одам у билан жинсий алоқада бўлганини айтмоқда. Ҳозирча бу иш юзасидан ҳеч ким қўлга олинмаган.
Қиз яшайдиган маҳалла аҳолиси вакилларидан бирининг Озодликка айтишича, қизнинг қўшнилари уни отаси зўрлаб келган, деган гумонда эканликларини айтмоқдалар.
“Чунки қизнинг отаси ароққа жуда берилиб кетган. Онаси ҳам ишсиз, ҳароб бир аҳволда. Оилавий шароитлари жуда ёмон. Маҳалланинг моддий кўмаги ва мурувватли одамларнинг эҳсони билан кун кўрадилар”, деди қизнинг қўшниларидан бири.
Аммо участка нозири Ў. Ж. ва маҳалла раиси Ш. Х. “қизни отаси зўрлаган” деган гап-сўзлар ҳозирча ўз тасдиғини топмаганини билдирдилар.
“Қизнинг отаси ҳақиқатан ҳам ароққа берилган. Оиласини ўз ҳолига ташлаб қўйган. Онаси ҳам ишсиз. Маҳалла қўмитаси моддий кўмак бериб туради, шу билан тирикчилик қилишади. Лекин қизнинг отаси бу ишни қилганига ишонмайман. У одамни билганлар ҳам бу гапга ишонишлари қийин. Қизнинг ўзи терговчиларга: “Мени оқ “Нексия” машинасига катта ёшдаги бир киши алдаб миндириб, овлоқ жойга олиб бориб алоқа қилган”, деяпти. Яна уч-тўрт одам ҳам бўлган, деб айтаяпти”, деди Ш. Х.